среда, 18 сентября 2013 г.

Товар ва унинг хусусиятлари


Товар меҳнат маҳсулининг бир шакли бўлиб, меҳнат маҳсулининг кўриб чиқилган барча хоссалари унга ҳам хосдир. Хеч ўйлаб кўрганмисиз, товарнинг маҳсулотдан фарқи нимада? Товар, энг аввало, ўз истеъмоли учун эмас, балки бошқа маҳсулотларга айрибошлаш мақсадида тайёрланадиган меҳнат маҳсулидир. Товарнинг натурал моддий ва иқтисодий томонлари, ўзига хос хусусиятлари ана шундан келиб чиқади. Товар, биринчи галда, ташқи маҳсулот, буюмдир. У ўз хусусиятига кўра, кишининг бирон-бир эҳтиёжини қондирадиган нарса ҳисобланади. Ҳар бир фойдали нарсага, масалан, пахта, буғдой, темир ва шу кабиларни сифат жиҳатидан ва миқдор жиҳатидан қаралган кўп хусусиятлар фойдалидир.

Фойдалилик ўзида намоён қилинган истеъмол қийматидир. Истеъмол қиймати фойдали бўлиб, буюмнинг моддий хусусиятларидан ажралмайди, бироқ унга мос келади. Товарнинг истеъмол қиймати, даставвал, табиатда мавжуддир. Инсон меҳнат қуроллари воситасида унинг шаклини ўзгартиради ва ўз эҳтиёжига мослаштиради. Товарни вужудга келтирган меҳнатнинг фойдали шакллари инсон ҳаёти, унинг тузилиши, ҳажми товар хусусиятлари билан алоқадор эканлигини тасдиқлайди. Бинобарин, товар истеъмол қийматининг икки хил хусусияти бор: биринчидан, товарнинг ташқи хусусияти билан боғлиқ бўлган муносабатлар; иккинчидан, товарнинг жами хусусиятлари мажмуи билан инсон эҳтиёжлари ўртасидаги муносабатлар. Иқтисодиёт назарияси барча товарларни истеъмол хусусиятига қараб икки катта гуруҳга бўлади:
1) ишлаб чиқариш истеъмоли буюмлари,
2) шахсий истеъмол буюмлари.
Биринчи гуруҳдаги товарлар, ишлаб чиқаришнинг моддий-ашёвий элементлари такрор ишлаб чиқаришда иштирок эттирилади; иккинчи гуруҳдаги товарлар эса бевосита ишлаб чиқарувчиларнинг иш кучини тиклаш, такрор ишлаб чиқариш ва жамиятнинг бошқа аъзолари истеъмоллари учун ишлатилади.
Истеъмол қиймати товарнинг бошқа товар билан айрибошланиш имконини бергани учунгина ўзининг ишлаб чиқарувчисини қизиқтиради. Товарларнинг алмашиниш хусусияти уларнинг алмашув қиймати деб аталади. Алмашув қиймати нимага асосланади? Муайян нисбатда товарларнинг айрибошланиши уларнинг миқдор жиҳатдан таққосланишини билдиради.
Шуни айтиш керакки, товарнинг истеъмол қиймати маълум иқтисодий муносабатларни – товар ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги айирбошлаш муносабатларини англатади. Агар истеъмол қиймати мазкур товарни сифат жиҳатдан ифодаласа, алмашув қиймати тарзида миқдор жиҳатини ифодалайди. Лекин алмашув қиймати товарнинг алоҳида учинчи хусусияти эмас. Алмашув қиймати товар хусусиятларининг амалда намоён бўлишидир, ҳаётда, алмашув жараёнида ифодаланишидир, унинг кўриниш шаклидир. Айирбошлаш, албатта, товарлар ўртасида ўзаро тенгликни ўлчовни тақозо этади. Товарларни тенглаштириш учун асос бўладиган омил уларни ишлаб чиқариш учун сарфланган меҳнатдир.
Миқдор жиҳатдан бараварлаштириш эса ҳамиша сифат жиҳатдан умумий ягона бирон-бир нарса борлигини тақозо этади. Нарса истеъмол қиймати бўлиши мумкин, лекин бундай ҳолат ҳар қандай истеъмол қийматига эга бўлган нарса товар бўлаверади маъносини билдиради деган гап эмас. Ҳаво, қўриқ ер, табиий ўтлоқлар, тўқайзорлар кабилар шулар жумласидандир. Нарса фойдали ва киши меҳнатининг маҳсули бўлиши, аммо у товарга айланмаслиги ҳам мумкин.
Ўз меҳнат маҳсулоти билан эҳтиёжини қондирувчи киши товар эмас, балки истеъмол қийматини яратади. Чунки яратилган маҳсулот товар бўлмаганлиги учун бозорга чиқарилмайди,
Демак, маҳсулот фақат истеъмолни қондириш йўли билан товар бўлиб қолмайди, чунки уни инсон ўз меҳнати орқали яратиши керак. Товар бошқалар эҳтиёжини қондиришга, яъни олди-сотдига мўлжаллаб ишлаб чиқарилган бўлиши керак. Шундай қилиб, инсон меҳнати туфайли яратилган маҳсулот товар бўлиши учун қуйидаги икки хусусиятга эга бўлиши керак: 1) истеъмол қийматига эга бўлиши, яъни инсоннинг бирон-бир эҳтиёжини қондириши шарт: 2) алмашув қийматига, яъни бошқа товарга маълум миқдорий нисбатда айирбошлаш учун хизмат қилиши керак.
Товарнинг бу хусусиятлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Демак, товар истеъмол қиймат тариқасида истеъмол учун, алмашув қиймати тариқасида сотиш учун ишлаб чиқарилади.
Юқоридаги таҳлиллардан, товарларда иккиёқлама сифат, яъни истеъмол қиймати ва алмашув қиймати борлиги маълум бўлди. Бунинг сабаби товар ишлаб чиқарувчи меҳнати хусусиятларининг икки томонламалигига боғлиқдир. Бир томондан, бу – муайян турдаги меҳнатдир. Демак, ҳар бир товарнинг истеъмол қийматида мақсадга мувофиқлашган муайян ишлаб чиқариш фаолияти, яъни фойдали меҳнат бор. Демак, истеъмол қийматларини яратувчи кишиларнинг фойдали меҳнати уларнинг учун шартдир, абадий табиий зарурият-дир: меҳнат қилинмаганда киши билан табиат ўртасида модда алмашинуви содир бўлмас, яъни кишиларнинг ҳаёт кечириши мумкин бўлмас эди. Бундай ҳолат ўзига хос меҳнат қуроли ва предметлари-нинг қўлланилиши, ишлаб чиқарувчиларнинг касбий малакасини тақозо этади ва у мутлақо аниқ натижа – муайян истеъмол қиймати билан ифодаланади.
Таъкидлаш жоизки, меҳнат киши ҳосил қиладиган истеъмол қийматларининг, моддий бойликнинг бирдан-бир манбаи эмасдир. Чунки, Уильям Петти айтганидек, меҳнат бойликнинг отасидир, ер эса унинг онасидир.
Товар фақат меҳнат маҳсулидир. Товарнинг иккиёқлама хусусиятга эга бўлишининг чуқур сабаби ҳам шундаки, унга сарфланган меҳнат иккиёқлама характер касб этади. Бир томондан, товарда мужассамлашган меҳнат аниқ меҳнатдир, бирон-бир мақсадни кўзлаб сарфланган меҳнатдир, чунки у истеъмол қийматини яратади. Иккинчи томондан, товарда, умуман, инсон меҳнати, унинг жисмоний ва ақлий қобилияти мужассамлашган. У мавҳум меҳнатдир. Бундай меҳнат товар қийматини яратади. Масалан, нон ҳақида гап кетганда, табиий кўз олдимизда, новвой меҳнати гавдаланади. Бундай вақтда бошқа товар ишлаб чиқарувчилар (ғаллакор, шахтер, газ ходими, пахтакор, металлург, транспорт ходими ва ҳоказо) нинг меҳнати эса кўзда тутилмайди. Агар нон қўлга олиниб мушоҳада қилинса у фақат новвой меҳнати натижаси бўлиб қолмайди, балки умуман товар ишлаб чиқарувчиларнинг меҳнати ҳисобланади. Демак, нон умуман меҳнат маҳсулидир. Бундан нон ҳам аниқ меҳнат, ҳам абстракт меҳнат натижаси эканлиги аён бўлади.
Мастура Хамроева


Комментариев нет:

Отправить комментарий